Биз нимани озиқлантиряпмиз?

0
101
марта кўрилган.

Бемор бўлишнинг бир яхши томони бор – ўйлашга, мушоҳада қилишга вақтингиз бемалол бўлар экан. Маълумки, одамзод тана ва руҳ (жон)дан иборат бўлади.

Олимлар ўлим тўшагида ётган турли ёшдаги олти минг одамни текшириб кўриб шундай хулосага келган: беморнинг жони узилган пайти мурда 0,04 грамм енгиллашаркан. Демак, жоннинг оғирлиги 0,04 грамм келаркан. Шуниси қизиқки, янги туғилган чақалоқ ўладими, 90 ёшли чол ўладими, оғирлиги бир хил – 0,04 грамм. Демак, руҳ қаримайдиган, танага бўйсунмайдиган, алоҳида яралган субстансия экан. Ўйлаб кўрсам, бутун жамият ана шу субстансия учун ишлар экан. Оғир ва енгил саноат, транспорт, қурилиш, озиқ-овқат саноати, бичиш-тикиш, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, ресторанлар, поликлиникаю касалхоналар танамизга хизмат қилар экан. Буларнинг ҳеч бири руҳимизга керак эмас!

Қимматбаҳо хориж машиналарини минамиз, 80-90 кило келадиган гўштимизни у ёқдан-бу ёққа олиб бориш учун керак, руҳимизга кераги йўқ – у учиб юради. Совуқ еганимиз учун кийинамиз, руҳ эса совуқ ҳам емайди, исиб ҳам кетмайди. Танамиз учун қор-ёмғирдан тўсадиган бир бошпана керак, руҳ учун мутлақо кераги йўқ. Руҳга тилла тақинчоқлар ҳам керак эмас. Ҳатто армия ҳам танамизга хизмат қилади – у ер-бу еримизга ўқ тегишидан, танамиз портлаб кетишидан асрайди.

Хўш, руҳимизга нима хизмат қилади? Руҳнинг “озиқа”си нима? Қўша-қўша нақшинкор иморатлар, ялтир-юлтир кийим-кечак, дуру гавҳар керак бўлмаса, унда руҳ учун нима керак?

Руҳимиз у қадар инжиқ эмас. Унинг “нон”и – Аллоҳнинг каломию адабиёт ва санъат.

Шу пайт хаёл суришнинг белига тепиб, ҳамшира келиб қолди:

 – Капилница олами-из!..

Игнадан илма-тешик бўлиб кетган билагимга яна игна тиқиб чиқиб кетди.

Булар тағин танамни даволашяпти…

 

Шароф БОШБЕКОВ

 

od-press.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.