Абдураҳмон жевачи – эрк ва озодлик курашчиси

2
1084
марта кўрилган.

Мустақиллик йўли узоқ ва машаққатли бўлиб, халқимизнинг зўравонлик, зулм ва мутеликка қарши исёнлари давомли равишда рўй бериб турган. Ана шундай озодлик учун курашлардан бири 1916 йил Жиззахда бўлганини барча юртдошларимиз яхши билишмаса керак. Чор Россияси мустамлакачиларининг жабр-зулмидан азоб чеккан халқнинг кўчага чиқиши тарихда Жиззах қўзғолони номи билан қолди. Унинг тарихий аҳамияти шундаки, у эзилган халқнинг эрк ва озодлиги, ҳақ-ҳуқуқи учун мардонавор курашчиларни майдонга чиқарди. Жафокаш элнинг онгу тафаккурида мустамлакачилик ва зулмга қарши бирлашиб курашиш орқалигина озодликка эришиш мумкинлиги ҳақида умид уйғотди.

Чор Россияси подшоси Николай II нинг “Туркистон ўлкасининг 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган аҳолисини мардикорликка олиш (аслида биринчи жаҳон урушига жўнатиш) ҳақида”ги фармони аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Натижада ўлканинг Хўжанд, Самарқанд, Фарғона, Каттақўрғон ва Жиззах шаҳарларида намойишлар бошланди. Жиззахда бошланган намойиш эса 13 июлда қўзғолон тусини олди. Шаҳар халқи Жиззах уезди ҳокими подполковник Рукиндан мардикорликка ёзилганлар рўйхатини талаб қилди. Ҳоким бунга жавобан шаҳар халқига қарши қурол ишга солмоқчи бўлганида қўзғолончилар томонидан ўлдирилди. Қўзғолонни бостириш учун Туркистон генерал губернатори томонидан сафарбар этилган ҳарбий кучларга қарши халқ мардонавор жанг қилди. Ўша даврда Самарқанд вилоятининг Жиззах уездидаги бу воқеалар аниқ мақсад – Россиядан ажралиб, мустақилликка эришиш учун уюшган тарзда олиб борилган.

Қўзғолон арафасида Жиззахда ҳам бутун ўлкадаги каби зулм-зўравонлик, адолатсизлик ҳукмрон эди. Аҳоли асосан, дон, ғалла етиштириш билан машғул бўлган. Чор Россияси томонидан сайланган ҳокимларнинг турли солиқ йиғимлари халқни бутунлай ҳолдан тойдирган. Маҳаллий аҳоли ерлари тортиб олиниб, рус аскарлари оилаларига берилган. Одамлар турмуши ва оилада қора қозонни қайнатишда катта қийинчиликка дуч келган.

Жиззах уезди бошлиғининг маълумотномасида қайд этилишича, аҳолининг иқтисодий аҳволи шу даражада оғир бўлганки, улар қишдан баҳорга чиққунча, гадой даражасига тушиб қолган. Садақа билан кун кўриб, бир бурда нон у ёқда турсин, тариққа ҳам зор бўлган.

Собиқ Совет даврида Жиззах қўзғолони ҳақида ёзилган барча мақола, тарихий рисола, илмий диссертатсияларда бу исён дин пешволарининг қутқуси билан рўй берган, деб нотўғри талқин қилинди.

Аслида қўзғолон миллий озодлик ҳаракати кўринишида эди. Қўзғолоннинг бошида халқ озодлигини кўришни орзу қилган ўзбек элининг мард ўғлонлари турардилар. Улардан бири Абдураҳмон жевачи (Абдужабборов) эди. У бой ҳам, диндор ҳам эмасди. У Форишнинг Кўҳнабозор қишлоғида яшаган, аскарлар жанг вақтида киядиган кийим – жева тўқиб, деҳқончилик қилиб кун кечирган. Шунинг учун бўлса керак, халқ ўртасида ҳам Жевачи лақаби билан танилганди.

1916 йил 15 июл куни Абдураҳмон жевачи бошлиқ қўзғолончилар Форишдаги пристав Бориллани қўлга олиш учун маҳкама биносига юриш бошлайди. Аммо у чўл орқали Жиззахга қочиб кетади, қўзғолончилар эса бошқа рус амалдорини ўлдирадилар. Жевачи бошлиқ қўзғолончиларни Сангзордан Тўрақул Тўрабеков раҳбарлигидаги аҳоли ҳам қўллаб-қувватлаб уларга қўшилади. Зомин халқи ҳам жиззахлик озодлик ҳаракати аъзоларига хайрихоҳлик билдирадилар. Мустақиллик учун курашаётганлар Бухоро амирига мактуб йўллаб ёрдам сўрайдилар. Бироқ бу мактуб сотқин миршаблар қўлига тушиб, амирга етиб бормайди. Рус босқинчиларига қарши курашда Жиззах атрофидан тўрт минг одам йиғилади. Кимдир қўлига кетмон, лўм билан озчилик халойиқ эса милтиқ билан душманга қарши чиқади.

Жиззах қўзғолончиларига Чор ҳукумати бешафқат муносабатда бўлди. Мустабид ҳукумат халққа қарши 13 рота солдат, 2 та артиллерия қисми, казак отрядлари ва сапёрларни юборади. Улар деярли қуролсиз оломонни шафқатсизлик билан қириб ташлашади. Рус аскарлари Жиззахни, кейин Зоминни эгаллайди. Сангзорда қўзғолончилар тутдек ўққа тутилади.

Озодлик учун кўчага чиққан халқ тўқнашувда мағлубиятга учрайди. Уларга бошчилик қилган Абдураҳмон жевачи ва унинг шерикларидан 50 киши қўлга олиниб қатл эттирилган, уч минг фуқаро ҳибсга олинди. Қўзғолон иштирокчилари беаёв жазоланиб, уйларига ўт қўйилди. Қишлоқлар вайрон этилди.

Жиззах фожиаси ҳақида бир гуруҳ жадидчилар Петербургга бориб подшоҳ думасига арз қилганлар. Дума ўша замонда комиссия тузиб, қўзғолон сабабларини ўрганишга юборади. Ўша комиссияга раҳбарлик қилган Чор ҳукумати вакили А. Керенский думага топширган ҳисоботида шундай ёзади: Мен Жиззах вайроналарини бориб кўрдим, жаноблар, мен икки фронтда – Кавказ ва ўарбий фронтда бўлганман, лекин бунақа қирғинбаротни кўрмаганман.

Абдураҳмон жевачи бошчилик қилган озодлик ҳаракатининг асл мақсади – ўлкада чоризм зулмига, мардикорликка одам олинишига қарши кураш бўлган. Эрк ва озодлик учун курашган Назирхўжа Эшон, Муҳаммад Раҳим, Абдурахмон жевачи ва бошқаларнинг хатти-ҳаракати чор ҳукумати ва совет мафкурачилари томонидан ўша пайтда қаттиқ қораланди. Бироқ уларнинг мустамлакачиликка, зулм ва қуллик кишанларига қарши кураши миллий мустақиллик учун курашлар тарихида ўчмас саҳифа бўлиб қолди. Афсуски, тарих саҳифаларида XIX аср охири ХХ аср бошларида халқимизнинг эрки, мустақиллиги учун курашга отланиб, бу йўлда жонини қурбон қилган озодлик яловбардорларининг ҳаммасининг ҳам номлари йўқ. Озодлик учун курашганларнинг аксарияти эса исёнчи, фитначи, бузғунчи сифатида ёш авлод онгига сингдирилди. Ўз юрти, жонажон қишлоғини жабр-зулмдан халос этишга отлангани, халқнинг тинка-мадорини қуритган мустабид тузумга қарши курашгани учун уларга озодлик курашчилари эмас, босқинчи тамғаси босилди. Қарийб, саксон йилдан ортиқ вақт мобайнида барчамиз бундай бўҳтонларга ишониб келдик. Минг шукурлар бўлсинки, мустақиллик туфайли Жиззах қўзғолонида олд қаторда турганлар номи оқланди. Улар озодлик, мустақиллик курашчилари сифатида янги ўзбек тарихи китобларидан жой олди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ватан Ҳуррияти йўлида Рус босқинига қарши чиққан озодлик ҳаракати аъзоларининг ҳаёт йўли Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб қайта тиклана бошланди. Бундай эзгу ишлар бугунги кунда ҳам давом этаётир. Жумладан, яқинда форишлик ижодкор педагог Анвар Жавлонов Абдураҳмон жевачи ҳақида яна бир тарихий ҳақиқатни руёбга чиқарди. Анваржон Жевачининг бугунги кунда ҳаёт бўлган авлодлари билан суҳбатлашиб, уларнинг хотираларини ёзиб олди. Тарихий маълумотларни қайта ўрганиб, “Тоғ бургути” деб номланган тарихий қиссани ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилди. Китобда Абдураҳмон жевачининг бутун ўй-хаёллари, орзу умидлари акс этган. Албатта, халқимиз ватан озодлиги учун курашганларни унутмайди, уларни қаҳрамон деб билади.

 

Айюб ЖУМХУРОВ,

Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

 

“Ҳуррият”дан олинди.

2 Мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.