Юрий Гагариннинг сирли ўлими

0
373
марта кўрилган.

Инсоннинг коинотга илк бор парвоз қилиши… бу оламшумул воқеа эди. 1961 йил 12 апрель куни фазогир Юрий Гагарин “Восток” ракетасида “Бойқўнғир” космодромидан фазога учганди. 108 дақиқа давомида ракета Ер шарини бир марта айланиб чиққач, фазогир Саратов вилояти Смеловка қишлоғи ҳудудига “қўнди”. Орадан етти йил ўтиб, Гагарин парвоз қилган ўқув-машқ самолёти ҳалокатга учради ва у ҳаётдан кўз юмди. Бироқ бугунги кунга қадар унинг ўлими кўплаб шов-шув, баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётир…

Негаки, илк фазогирнинг ўлими сабаблари ҳамон сирлилигича қолмоқда, унинг фалокати ҳақида турли-туман тахмину фаразлар билдирилади: “самолёт носоз бўлган”, “мазкур сирли ўлимда ўзга сайёраликларнинг қўли бор”, “Гагарин ҳаводаёқ бу дунёни тарк этган”, “учувчи учиш олдидан спиртли ичимлик истеъмол қилган” (экспертиза хулосаларига кўра, унинг қонидан ҳеч қандай спиртли ичимлик аломатлари топилмаган), “Юрий Гагарин қандайдир суиқасд натижасида ўлган. Бунда ҳукуматнинг қўли бор. Чунки ҳукумат унинг эрксеварлигидан аввалдан чўчиб юрган”, “Аслида фазогир ўша куни ўлмаган. У тирик эди. Самолётда фазогирнинг ўрнида бошқа биров учган ва ҳалок бўлган”. Аммо ҳеч бир тахмин, фараз ва талқин ўз исботини топмаяпти. Ишонарли ечим эса йўқ. Хўш, аслида қайси талқин ҳақиқатга яқинроқ?

1968 йилнинг 27 мартида Юрий Гагарин ва учувчи-конструктор Серёгин сўнгги парвозларини амалга оширишди. Улар парвоз қилган МиГ-15 УТИ ўқув-машқ самолёти даставвал назорат ва кузатиш мажмуасида синчковлик билан парвозга тайёрланганди, тиббий текширувдан иккала учувчи ҳам муваффақиятли ўтди. Бироқ кутилмаган ҳалокат содир бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, самолёт ўқув-машқини бажариш жараёнида штопор (самолётнинг пастга қараб буралиб шўнғиши)га тушиб қолган ва кучли шўнғиб учишдан чиқиб кетиш вақтида ерга урилган. Бироқ нима учун жуда тажрибали учувчилар бошқарувидаги самолёт штопорга тушиб қолди?

Самолёт кундузги соат 10:31 да Владимирск вилоятининг Киржач шаҳридан 18 километр узоқликдаги Новоселово ҳудудида қулаб тушган. Ҳалокат содир бўлган жойда пайдо бўлган чуқурлик тезда ботқоқ сувига тўлади. Атрофда алюмин парчалари ҳар ёнга сочилиб ётарди. Энг қизиғи, портлаш содир бўлмади. Самолёт шунчаки қулади. Кун ярмига келиб эса радиодан “илк фазогир Юрий Гагарин ҳалок бўлди”, деган хабар эълон қилинди.

Ажабланарлиси, Гагаринни ҳалокат содир бўлишидан машҳур рус мунажжими Сергей Вронский огоҳлантирган. Аммо бу фазогирни саросимага ёки ҳайратга солмаган. Балки бидъатга қаттиқ ишониб қолишни хоҳламаган. Ўз навбатида эса мунажжимнинг огоҳлантиришига шунчаки қўл силтамаган ҳам. Буни унинг ғалати ҳаракатлари далиллайди. Фазогир ўлимидан бир неча кун олдин хонадонига барча дўстлари, ҳамкасблари қавм-қариндошу яқинларини бир дастурхон атрофида тўплашга астойдил ҳаракат қилади. Ҳаттоки, базмга узрли сабабларга кўра бора олмайдиган айрим яқинларини ҳам қатъият ва тиришқоқлик билан таклиф қилаверади. Шифохонада даволанаётган рафиқаси Валентинани ҳам базмга олиб келади. У кутгандек дастурхон атрофида барча жамулжам бўлди. Яқинлар, дўстлар унинг хонадонига 23 март куни келган бўлса, яна икки кун меҳмон бўлиб қолишди. Чунки Гагарин уларни ҳоли жонига қўймай олиб қолди. Икки кун ўтиб эса у ҳалок бўлди. Шундан сўнггина бу хайрлашиш базми эканлигига кўпчиликнинг фаҳми етди.

Мутахассисларнинг самолёт ҳалокати ҳақидаги расмий талқини қуйидагича бўлди: Гагарин ва Серёгин самолёти яқинидан худди қирувчи Су-22 самолётига ўхшаш баҳайбат тезучар жисм учиб ўтган ва у томонидан берилган кучли ҳаво зарбаси МиГ-15 УТИ ўқув-машқ самолётининг навигацияли бошқарув рулига жиддий зарар етказган. Самолётни эса штопорга туширган. Тажрибали учувчилар самолётнинг буралиб айланишини бартараф этишга муваффақ бўлишгану, унинг пастга шўнғишини тўхтатишга улгуришмаган. Афсуски, уларга самолётни ўнглаш учун атиги бир неча лаҳза етмаган.

Юрий Гагарин коинотга илк бор парвоз қилиши олдидан ҳар эҳтимолга қарши хайрлашув мактубини ёзиб қолдиради. Мазкур мактуб унинг рафиқасига орадан етти йил ўтиб, ўқув-машқ самолёти ҳалокатидан сўнг топширилди. Илк фазогир ҳалок бўлгани боис мамлакатда умуммиллий мотам куни эълон қилинди. Бу воқеа бутун дунёни ларзага келтирди.

 

Азизбек тайёрлади.

 

qashqadaryogz.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.