Таниқли инсонлар ҳақида қизиқарли маълумотлар

0
11100
марта кўрилган.

Меҳнатнинг нони ширин

* Бобурий подшоҳлардан бири Аврангзеб фақат ўз меҳнати билан, эгаллаган касб-ҳунари эвазига кун кечирган. Давлат хазинасидан бир танга ҳам ҳақ олмаган. Холбуки, Ҳиндистон ўша даврда дунёдаги энг бой давлат эди.

 

Жомадонсоз уста Менделеев

* Буюк олим Менделеев илмий ишлардан бўш вақтларида жомадон ясаб сотар, шу йўл билан рўзғор тебратар экан. У ўзини: “Жомадонсоз уста Менделеев” деб аташларини ёқтирган.

 

Каромат

* Хожа Баҳоуддин Нақшбанддан муридлари бирор каромат кўрсатишни сўрашди. Ҳазрат ўринларидан турдилар-да, енгил-енгил беш-олти қадам юриб, яна жойларига чўкдилар. Муридлар ҳайрон бўлиб қарашди. Ҳазрати Нақшбанд дедилар:

– Икки елкамда тоғдай-тоғдай гуноҳларни кўтариб, қушдай енгил юришимнинг ўзи каромат эмасми?!

 

Буни такрорлашга уринманг

* Эрнест Хемингуэй моҳир мерган бўлган. У баҳс бойлашиб, бир одамнинг лабида тутаб турган сигаретани отиб туширган.

* Америкалик Пит Руфф эса, ўзининг бошидаги олмани бумеранг билан уриб тушира олган. (Бумеранг – улоқтиргандан сўнг яна эгасига қайтиб келувчи “Г” шаклидаги қурол).

 

Ҳотамтойлик – миллат танламайди.

* Миллиардер Жон Рокфеллер 550 миллион доллардан кўпроқ маблағини турли хайрия жамғармаларига ўтказган. Ҳозирги ҳисобга айлантирганда, бу жуда катта – кўп миллиардларни ташкил қилади.

Бугун ҳам унинг бадавлат издошлари Америкада анча-мунча. Масалан, дунёдаги энг бой одамлардан бири Билл Гейтс, ўз бойлигининг асосий қисмини хайрия мақсадларига сарфлашини маълум қилган. Таққослаш учун: Билл Гейтс ҳар дақиқада тахминан 6 659 доллар ишлайди. Дунёнинг фақат 18 та мамлакати Билл Гейтсдан бойроқдир.

 

Ҳар бири ўзига хос

* АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон ўзининг боғида наша етиштирган.

* Президент Бенжамин Франклин эса, курка – Американинг “миллий паррандаси” бўлиши учун кўп ҳаракат қилган.

* АҚШнинг 17-президенти Эндрю Жонсон, ўзига-ўзи кийим тиккан ягона президент ҳисобланади.

* Президент Эндрю Жексон, Ер баркашдек ясси эканлигига ишонган.

* 1849 йили АҚШ президенти этиб сайланган сенатор Дэвид Атчисон бу лавозимда атиги 1 кун ишлаган. Шунда ҳам, куннинг асосий қисмини… ухлаб ўтказган.

 

Сўз ва суврат

* Шоир ва ёзувчиларнинг кўпчилиги расм чизишни ҳам яхши уддалашади. Алишер Навоий ҳазратлари “Занжирбанд шер” номли сурат чизганлар.

* Ғафур Ғулом ажойиб рассом ҳам эди. Карикатурани “жонлантириб” чизиш билан бирга, бодринг, қовоқ, ҳандалак каби “материаллар”дан ҳамкасбларининг қиёфаларини ясашга ҳам уста бўлган. Дутор чалганда юракларни сел қилар, тожик, татар, қозоқ, озар тилларида бемалол гаплашар эди.

* Атоқли ёзувчи Саид Аҳмад ҳам яхшигина рассом эди.

 

“Аниқ мўлжал” санъати

* Ральф ва Кэролин Камминслар оиласида 1952–1966 йилларда туғилган 5 нафар болаларининг ҳаммаси бир санада – 20 февралда дунёга келган

 

Ҳаммага иш етади!

* Машҳур боксчи Майк Тайсоннинг айни “гуриллаган” даврида 75 нафар ходими бўлган. Яъни, менежер, промоутер, бухгалтер, врач, массажчи, психолог, юрист, ошпазлари, ҳайдовчи, боғбон, энага… хуллас, жами 75 та жон, биргина “Темир Майк”нинг ортидан тирикчилик қилади, деган гап. Майк Тайсон ҳам “ўз иши”ни, яъни муштлашишни яхши билган.

 

Гап бўйда эмас

* АҚШ президентлари ичида Жеймс Мэдисон энг бўйи пасти (1,62 м), Абраам Линкольн эса энг дарози (1,93 м) саналади.

* Россия императори Пётр I нинг бўйи 2 метр бўлгани ҳолда, пойабзали атиги 38-ўлчамда бўлган.

 

Ақллилик қилма!

* Пётр I, 1708 йилнинг 9 декабрида “Раҳбариятга муносабат тўғрисида” Фармон чиқарган. Унда жумладан, шундай дейилган: “ўзининг ақллилиги билан раҳбарнинг ғашига тегмаслик учун, ходим унинг ҳузурида аҳмоқона қиёфада туриши шарт”.

 

“Африка, сен менинг қучоғимдасан!”

* Юлий Цезарь Африкага юриш қилганида, аввал бошданоқ омадсизликка учраган. Ўрта Ер денгизидаги кучли тўлқинлар кемаларини тўзитиб юборган, оқибатда Африка қирғоғига атиги битта легион билан етиб келади. Кемадан тушаётганда… қоқилиб, ерга юзтубан йиқилади. Иримчи аскарлар учун бу ўта бехосият аломат эди. Аммо, Цезарь жуда зукко эди. Ётган кўйи қучоғини кенг ёзиб, шундай ҳайқиради: “О, Африка, сен менинг қучоғимдасан!” Бундан аскарлари руҳланиб, қийқиришади.

Сўнгра Цезарь Мисрни забт этди.

 

Шамдек куйса ҳам…

* Элис Чейс исмли врач, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи ҳақида кўп китоблар ёзган. Ўзи эса… очликдан ўлган.

Радийни кашф этгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлган Мария Склодовская-Кюри нурланиш касаллигидан вафот этган.

* Marlboro компаниясининг биринчи хўжайини ўпка саратонидан ўлган.

 

Саёқ юрсанг…

* Кунларнинг бирида Бетховен дайди сифатида ҳибсга олинган.

* Бастакор Моцарт 35 йил давомида 600 дан зиёд асарлар ёзган. Ижоди энг гуллаб-яшнаган даврида бир концерти учун 500 гульден ҳақ олар ва бу пулларнинг ҳаммасини бильярд ўйинига сарфларди. Ўлимидан сўнг қабристондан алоҳида жой олишга ҳам пул топилмаган.

 

Ақл ёшда эмас!

* Моцарт уч ёшиданоқ мусиқалар ёза бошлаган.

* Феликс Мендельсон 17 ёшида “Ёз тунидаги уйқу” мусиқасини ёзган. Бу унинг ҳаётидаги энг машҳур асари бўлиб қолган.

Актриса Ширли Хендерсон “Гарри Поттер” фильмида 13-ёшли мактаб ўқувчиси Плаксу Миртл ролини ижро этган. Бу пайтда Ширли 40 ёшга кирганди.

* Сара Бернар 70 ёшида 13 яшар Жульетта ролини ўйнаган.

 

Астойдил саъй-ҳаракат қилсанг…

Бир донишманд шундай деган: “Уч нарса бизни кундан-кун хароб этаверади: булар – ўзинг хушламаган таомни ейиш, севмаган инсон билан яшаш, ўзингга ёқмаган иш билан шуғулланиш”.

Бу гапда шубҳасиз, жон бор. Лекин, тақдир ҳаммага ва ҳар дам ўзи истаган нарсасини беравермайди-ку? Не қилмоқ керак? Файласуф Б. Фуллер шундай дейди: “Умримиз кўпинча бир хил, зерикарли ва толиқтирувчи ҳаёт маромидан иборатдир (“Яшашни чидаганга чиқарган!”). Аммо, айнан зерикарли ва толиқтирувчи ишларда сабр-бардош кўрсатиш туфайлигина инсон ҳаётда олға ҳаракат қила олади. Агар мушкулотлардан безиб, буюк ишлар учун илҳом ва қулай вақт келишини кутсангиз, ўша жойда қолиб кетасиз. Умр эса ёнингиздан шиддат билан ўтиб кетаверади!”

Бу ҳикмат ҳам ҳаётда беҳисоб марта ўз исботини топган.

Л. По исмли ҳайкалтарош, тўлиқ кўр бўлишига қарамай, фақат пайпаслаб “кўриш” орқали юздан зиёд ажойиб асарлар яратган.

Томас Эдисоннинг электр лампочкани ихтиро қилиши осон кечмаган. Бунинг учун у, 11 мингдан зиёд тажриба ўтказган, 40 минг саҳифадан кўпроқ қоғоз қоралаган.

Гунг-соқовлик – оғир дард. Бунинг устига кўр ҳам бўлса, одам бамисоли тирик мурда, деган гап. Скороходова деган аёл, ана шундай аҳволда ўрта ва олий маълумот олиш, руҳшунослик бўйича диссертация ёқлаш ва китоб ёзишга муваффақ бўлган.

Буюк нотиқ сифатида танилгунга қадар, Демосфен жуда тортинчоқ бўлган. Бунинг устига, овози жуда кучсиз, нутқи нуқсонли бўлган.

Буюк физик Э. Резерфорд, ҳатто, катта маърузалар чоғида ҳам у ёки бу формулани ҳадеганда эслай олмасди.

 

Телба императорлар

* Қадимги Рим императорлари орасида ўта телбалиги билан ном таратганлари ҳам анча бўлган. Масалан, император Нерон ўзининг Ицидат лақабли отини консул этиб тайинламоқчи бўлган. “Кўнгил ёзиш” учун Рим шаҳрига ўт қўйиб, томоша қилган. Шаҳватпарастликда эркак-аёлнинг фарқига бормаган. Хотин ва канизаклари қаторида, ўз опа-сингиллари билан ҳам ишрат қилаверган. Ўта тўкин-сочин зиёфатлар уюштирган. Меҳмонлар бўкиб қолишган, хизматкорлар тарқатган махсус дорини ичиб, еганларини қайт қилишган. Сўнгра… зиёфат яна янгидан бошланган!

Коммод исмли император эса, бутун Рим Империясидаги паканалар ва майиб-мажруҳларни йиғиб, Колизейда жанглар уюштирган.

Балки, шунинг учун римликлар Яратганнинг қаҳрига учрашгандир? Мутахассислар фикрича, бугунги римликлар – итальянларнинг Қадимги Рим аҳолисига алоқаси йўқ.

* Хитой императори Цяньлун, ғамгин шеър ёзган шоирларни дарҳол қатл эттирган.

 

Яна, айрим маълумотлар…

* Машҳур немис физик олими Альберт Эйнштейн ўлаётган чоғида ҳам қандайдир буюк ғоялар, ҳаётий хулосаларини баён қилишга уринган. Афсуски, олимнинг сўнгги сўзлари ўзи билан кетган. Чунки, унинг ёнидаги ҳамшира немисчани тушунмаган.

 

* “ZZ Top” эстрада гуруҳи аъзоларининг фақат биттаси соқол қўймаган. Лекин, исми – Beard, инглизчадан таржима қилганда, “соқол” деган маънони англатади.

 

* Бетховен ўзининг машҳур “Тўққизинчи симфония”сини ёзганида, қулоғи том битган (кар) бўлган.

 

* Француз файласуфи Вольтернинг 80 та ҳассаси бўлган. Замондоши Жан Жак Руссода эса 40 та.

 

* Наполеон Бонапарт – тарихий шахслар орасидан кино саҳнасига энг кўп олиб чиқилган шахс ҳисобланади.

 

Ўнта бўлса, ўрни бошқа, қирқта бўлса – қилиғи…

* Авлодлари энг кўп тарқалган инсон сифатида Чингизхонга етадигани йўқ. Дунёдаги ҳар икки юзинчи кишининг генеологик илдизи Чингизхонга бориб тақалади. Ҳозир ер юзида тахминан, ўттиз беш миллион нафар… “чингизийлар” яшашяпти!

* Бастакор Иоганн Себастьян Бахнинг авлодлари ичида 100 нафардан кўпроғи созанда (органист) бўлишган.

 

Инжиқ ёзувчилар

* “Маугли”ни ёзган Редьярд Киплинг агар сиёҳи қора рангли бўлмаса, бир қатор ҳам ёза олмаган.

* Ёзувчи Чарльз Диккенс юзини шимолга ўгирган ҳолдагина ижод қилган. Ухлаганда ҳам бошини доимо шимолга қаратиб ётган.

 

Бальзак кун ва тунни билмаган!

Ёзувчи Оноре де Бальзакнинг ғалати одатлари ҳақида у ҳаётлик чоғидаёқ кўп гаплар юрган. Масалан, ҳар сафар янги асар ёзишдан олдин у бир-икки ой муддатга ўз хонасида қамалиб олар экан. Ёзувчи пардаларни ёруғлик кирмайдиган даражада маҳкам ёпиб олар ва уй халатига бурканиб олиб, шам ёруғида ишларкан. Бальзак кунига 18 соат ёзар, бу вақт давомида унга кун ва туннинг фарқини билмаслик муҳим эди.

* Бальзак бўйинбоғ (галстук)га бағишлаб… бутун бошли китоб ёзган.

 

Адоват

Оливер Кромвел вафот этгандан икки йил ўтгач дорга осилиб, кейин боши танасидан жудо қилинган.

* 1778 йилда вафот этган Вольтернинг жасади қабридан ўғирлаб кетилган. Ўғирлик 1864 йилда аниқланган, аммо жасад топилмаган.

* 19 асрда яшаган Лагариджо исмли тореадор (буқа билан олишувчи) 4867 та буқани ўлдирган.

 

“Ижод олами”, 2017–4

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.