Танбеҳ

0
201
марта кўрилган.

Икки ижодкорнинг боши бир ерга келса, Матназар оға Навоийни шарҳлар эди. Бир куни хоразмлик ижодкор Қадам оға Солаев гурунг ташкил этди. Давра катта. Қадам оғанинг синфдошлари, қўшнилари, бир-икки қориндош-туққанлари ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси Матназар оға шарҳларининг ишқибозлари. Матназар оғанинг мазаси қочиб юрган кезлар. Устоз билан негадир сал кечикиброқ бордик, у киши ўтирганлардан кечирим сўрадилар:

– Элаштирмайсизлар энди… Мен бироз дам олгунча Жуманазар шарҳлаб туради. Қадамбой олиб келинг…

Қадамбой оға Навоий асарларининг томларидан биттасини келтирди. Жуманазар Юсупов ҳазрат ғазалларини шарҳлай бошлади. Матназар оға чой ҳўплар экан, Жуманазар аканинг фикрларини бош силкиб маъқуллар эди. Буни кўрган Жуманазар ака гапим чиройлироқ чиқсин дебми, ғазалларни тобора кўпроқ ўз тахмин ва тўқиган-бичганлари асосида шарҳлай бошлади. Жуманазар оғанинг чиройли сўзлари ўтирганларга хуш ёқиб олқишлар ёғила кетди. Матназар акага бундай “шарҳлар”, табиий, ёқмас эди. Жуманазар ака тобора жўшар, тингловчилар тобора тўлқинланар эди. Матназар ака бир-икки марта Жуманазар оғага ўқрайиб қараб қўйди. Аммо олқишлардан руҳланган Жуманазар ака бу қарашларга кўпам эътибор бериб ўтирмай, ўзидан ўзи руҳланиб “шарҳлаш”да давом этаверди. Ниҳоят бу ҳол Матназар оғанинг жаҳлини чиқарди. Қўлидаги пиёлани “тўқ” этказиб дастурхонга қўйди.

– Тўхта! – деди жаҳл билан Жуманазар акага. – Ўтлаб кетдинг! Ўзим шарҳлайман…

 

Шуҳрат Маткарим

 

“Ижод олами”, 2018/5

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.