Сўзи ва аъмоли бир шоир

0
163
марта кўрилган.

Матназар Абдулҳакимнинг биргина шеърини ўқиган ҳар қандай ўқувчи асл шеър таъмини туйгандек бўлади. Адабиётимиз тарихида ўзидан ҳам аввал шеърига ҳайкал қўйилган шоир бир умр кўнгил кишиси бўлиб яшади, ижод қилди. Энг муҳими, сўзни шарафлади, унинг шаънини юксакларга кўтарди.

Шоирнинг қалб ибодатларида ҳам хокисорлик, яхшилик, тантилик бор эди:

 

Қўраларга солади қирон,

Уяларда қилади бузғун.

Бола кўрсин, барибир, бўри,

Жўжа очсин, барибир, қузғун.

 

Шоирнинг мумтоз адабиётимиз намояндалари ижоди хусусидаги жиддий тадқиқотлари, илмий мақолалари ҳам борки, ундаги ойдин қарашлар, таҳлиллар сизни уларга-да шайдо қилади.

Матназар Абдулҳаким ўз ижоди, эзгу эътиқоди ва ихлоси билан инсон руҳиятининг чин тарбиячиси, куйчиси бўлиб қолади.

 

Мен Матназар Абдулҳаким билан қаерда, қачон танишганимни эслай олмайман. Бу шоир бир, икки, уч ва ҳоказо шеърлари ҳамда адабий-илмий мақолалари орқали менинг юрагимга, онгимга, руҳиятимга секин-аста сингиб бораверган. Унинг ижодида чиқит йўқ. Ёзганларининг бари келажак авлодга қолади.

Матназар Абдулҳаким бутун вужуди, борлиғи истеъдод ганжига тўлиқ инсон эди. Бу маънавий бойлик эса сира завол топмагай.

Абдулла ОРИПОВ

 

Матназар Абдулҳакимнинг Хоразмда туриб пичирлаган овози Тошкент адабий муҳитида гумбурлаган акс-садо берар эди. Шоирнинг халққа севимли бўлиб, шеърият муҳиблари юрагидан ўрин олиши, ўзидан абадиятга дахлдор гўзал ёзғичлар мерос қолдириши ва умуман адабиёт тарихидан муносиб жой олиши учун қалби бутун шахс бўлиши кераклигини, ҳатто бунинг учун мамлакат пойтахтида яшаб, ижод қилиш ҳам шарт эмаслигини Матназар Абдулҳаким қойилмақом қилиб исботлаб кетди.

Баҳодир КАРИМОВ

 

Матназар ака билан ҳар гал учрашганимиздаги биринчи гапи, албатта, “Фалончи бир зўр шеър ёки ҳикоя ёзибди”, деган сўзлари бўлар эди ва шаксиз, унинг изидан қўлига қалам тутган ҳар бир кишини “қамчилаб” турадиган сўроғи бўлар эди: “Ёзиб турибсанми?” Бу савол Матназар акани устоз билган қаламкаш учун боши узра доимо ўткир ойболтадай ялтиллаб турадиган “хавф” эди. Сабаби, Матназар ака ҳеч қачон ўз қаламига хиёнат қилмас, ижодни ҳаёт мазмуни билар ва бу майдонга кирган ёки кириш даъвосида бўлганлардан ҳам худди шундай садоқатни талаб этар эди.

Шуҳрат Маткарим

 

Матназар Абдулҳаким шахсига хос яна бир хусусият шу эдики, агар яхши асар бўлса ёки шогирдларининг яхши шеъри бўлса, худди ўзиникидек қувонар ва уларни тарғиб қилишдан лаззатланар эди. У бир ишга киришса, астойдил киришар, иш битмагунча тиниб-тинчимас, бирор мансабдор шахс олдигами ёки мутасадди ташкилотгами қатнаб чарчамасди.

Мадраҳим САФАРБОЕВ

 

Шоир ва ўлим

 

(Матназар Абдулҳакимни хотирлаб)

 

Қаватлидир ўзбекнинг тили,

“Ўлим” деган сўзнинг ҳам

Ўриндоши кўп:

Омонатин топширди,

Оламдан ўтди,

Вафот этди,

Раҳматли бўлди,

Бандачилик қилди,

Бақога кетди…

Аммо бу гапларнинг бирортасин,

Китобнинг жулдур варақларида

Битиклари узра

Кезиб юргувчи

Сирли шивирлаб тургувчи

Шоирга нисбатан қўллагинг келмас.

Эсга тушса,

Хоразмлик оғайним гоҳо,

Тилга олгим келмас “ўлим” сўзини.

Беихтиёр дилда балқир бир жумла:

– Минг афсус,

Матназар

Шеър ёзмай қўйди…

Анвар ОБИДЖОН

 

Мен бу кунларимиз Бедилсиз қолмаётганидан бахтиёрман. Чунки Матназар кабилар бор. У дилини бериб Бедилни таржима қиляпти. Менга бугун сиғинаётганимиз сўфийларни эслатади бу одам: камтар, истеъдодли, камсуқум, кучли. У замонага боқмайди. Иншооллоҳ, замона унга боққусидир!

Усмон АЗИМ

1996 йил

 

Матназар Абдулҳаким шеърият бўстонининг улкан, серҳосил намояндаларидан бири эди. Ҳали биз унинг меҳнатлари маҳсулидан кўп йиллар баҳраманд бўламиз. Унинг ажойиб шеърлари ва илмий асарлари мамлакатимизга, халқимизга, келажагимизга хизмат қилиши шубҳасиз.

Қўзи ИСМОИЛ

 

Биз ёшлигимизда сурурваш эдик. Йўлларимиз кўп, аммо қай биридан кетишни билмай юрганимизда устознинг истеҳзоли суҳбатлари кўнглимизга оро кирди. Сўзи билан аъмоли бир эди. Ана шундай меҳр таъсирида биз ўз йўлимизни топдик. Устоз Матназар Абдулҳаким бизга адабиётни чин маънода севишни ўргатди.

Даврон РАЖАБ

 

 

“Ёшлик”, 2018/2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.