“Морец красный нос…”

0
198
марта кўрилган.

1970 йилларда бизларга сабоқ берган А. Аюпов, Г. Н. Соксонова, А. Шомақсудов ва Ю. А. Мориц сингари домлаларимизга имтиҳон топширгани анча-мунча талабаларнинг юраги дов бермасди. Айниқса рус тили фани бўйича ўқитиладиган фанлардан Тўра ака ҳам ўзимиз қатори эди. Юрий Александрович Морец Некрасовнинг ижоди бўйича таниқли мутахассислардан бири эди. Ўша кездаги кураторимиз Карим Саодатовдан Тўра ака иккинчи марта йўлланмани олгач, Талъат Солиев иккимиз оғага жиловдор бўлиб Хадрадаги журналистика факультетининг иккинчи қаватидаги имтиҳон олинаётган хонани топдик. Кун иссиқ бўлгани учун эшикнинг қанотлари очиқ турарди. Домла Тўра акага кўзи тушди, шекилли, ичкарига таклиф қилди. Қулоқларимиз динг.

– Товарищ Сулейманов, берите билет, – деди Тўра ака столга териб қўйилган билетлардан бирини кўтарди.

– Какой билет?

– Шестой!

– Что за вопрос?

– Мориц красный нос!

– Что!!! – Оқ-сариқдан келган домламизнинг ранги рўйи кескин ўзгариб, – Вон отсюда! – деди жаҳл билан. Талаба ҳангу манг. Биз кулгидан ўзимизни тиёлмаймиз. Ака йўлакка чиққач, одатдагидай бизни “Сволочлар!” дея сўкиб, воқеага аниқлик киритишимизни сўради.

– Сиз олган билетдаги биринчи савол, Некрасовнинг “Мороз – красный нос” поэмаси эди. Уни ўзбек тилига устоз Миртемир домла “Изғирин – қизил бурун” деб таржима қилган. Мороз билан Морицни сал алмаштириб қўйдингиз, холос, – дедик. Акахонимиз одатдагидай рус тилини “абжағини” чиқарганлигини тан олиб, қотиб-қотиб кулди.

 

Турсунбой Адашбоев

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.