Машҳур ёзувчилар қандай ижод қилган?

0
720
марта кўрилган.

Улуғ ёзувчиларнинг дурдона китобларини ўқиб, улар фавқулодда иқтидор эгалари бўлганини ҳис этасиз. Ҳақиқатан ҳам бундай ажойиб асарларни ёзиш оддий ҳодиса эмас. Иқтидор ижоддаги бирламчи асосдир. Бироқ фақат истеъдод билангина қалам тебратиб бўлмайди. Исталган улуғ адибнинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқинг. Бир нарсани англайсиз: улар ўзларини жиддий тарбиялаган. Ўқиган, изланган, ёзган, ўчирган, ёзган, қайта-қайта ёзаверган. Уларга тез-тез илҳом келиб турган, шунинг учун осон ижод қилишган деган фикр ҳам хато. Илҳом жуда камёб нарса ва ҳамиша ҳам келавермайди. Кўпинча у мажбуран олиб келинади. Қандай қилиб дейсизми? Бу борада ҳар кимнинг ўзига хос услуби бор. Масалан, буюк адиб Габриэль Гарсиа Маркес “Иштаҳа овқат устида келади” деган мақолга амал қилган. Илҳом, яъни ёзиш истаги бор-йўқлигидан қатъи назар ишлашга ўтирган. Ўзини фикрлашга, ўйлашга, тассаввур этишга йўналтирган ва кутилган натижага эришган.

Қуйида айрим ёзувчи-шоирларнинг ижод услуби, турмуш тарзи ҳақида сўз боради. Агар сиз ҳам қалам аҳлидан бўлсангиз, янада диққатлироқ бўлинг. Умуман, қайси соҳа вакили бўлишингиздан қатъи назар, агар ижодкорлик қобилиятингиз кучли бўлса, соҳангизнинг етакчи мутахассисларидан бирига айланасиз. Хуллас, эътиборни сусайтирманг. Балки бу усул ва тартиблар сизга ҳам фойда бериб қолар.

  1. Фридрих Шиллер (1759–1805)нинг ўта ғаройиб одати бўлган. Шоирнинг иш столидаги тортмада чириган олма турмаса, унга илҳом келмаган! Шиллернинг дўсти, мшҳур адиб Гёте шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Фридрихни кўргани бордим. Лекин у қаёққадир чиққан экан, хотини унинг хонасида кутиб туришимни сўради. Ўриндиққа чўкдим, тирсагимни столга тираб ўрнашиб олдим. Бирдан кўнглим беҳузур бўлди. Тоза ҳаводан нафас олай деб очиқ дераза олдига бордим. Бошида бу ҳолатнинг сабабини англолмадим, кейинроқ гап нимадалигини билиб олдим. Шиллернинг столидаги қутида ўн иккита чирик олма турарди! Хизматкорларни чақириб олдириб ташламоқчи эдим, лекин олмалар қутига атай солинганини, шундай қилинмаса, хўжайин ишлай олмаслигини айтишди. Фридрих келганида, шу ҳақда айтгандим, у ҳаммасини тасдиқлади!”
  2. Александр Пушкин (1799–1837) дафтар ёки қоғоз ҳошиясига ҳар хил ажи-бужи хатлар ёзишни хуш кўрган. Иш пайтида лимонад ичмаса туролмаган. “Баъзан кечаси ёзадиган бўлса, бутун тунга етарли лимонад олиб чиқиб берардим”, деб эслайди шоирнинг уй хизматкори Никифор Федоров.
  3. Александр Дюма (1802–1870) французтилли ёзувчилар ичида дунё бўйича энг кўп ўқувчига эга адиблардан биридир. “Граф Монте Кристо”, “Уч мушкетёр” сингари саргузашт асарлари билан дунёга машҳур адиб жуда ғалати одатга амал қилган. У ҳар куни соат еттида Ғалаба аркаси остида олма еган. Бир қарашда ўта мантиқсиз кўринидиган ушбу машғулотнинг ташкилотчиси Дюманинг шахсий дўхтири эди. Бу тадбирга ёзувчининг тартибсиз ҳаёти сабаб бўлган. У носоғлом турмуш тарзи туфайли уйқусизлик дардига чалинганди. Эрталаб соат олтида туриб, еттигача арка ёнига етиб бориш ва у ерда олма ейиш учун Дюма эртароқ ётиши, кун тартибига риоя этиши керак эди.
  4. Николай Гоголь (1809–1852) тик туриб ёзган. Мемуарчи Павел Анненков эсдаликларида улуғ ёзувчи “конторка” деб аталадиган баланд столда ишлаганини таъкидлайди. Аслида, бу ноёб ҳолат эмас. Виржиния Вулф, Эрнест Ҳемингуэй ва Томас Вулф каби ижодкорлар тик ҳолда ёзгани маълум. Бироқ Гоголь шахсига қизиқиш кучли бўлгани, у ҳақида ҳар хил мишмишлар тўқилгани сабаб бу ҳолатга ҳам ғайриоддий ҳол сифатида қаралган, турли маънолар юкланган.
  5. Чарльз Диккенс (1812–1870) 15 та роман ёзган. Уларнинг аксарияти 800 бетдан ортиқ. Бундан ташқари жуда кўп пьеса, ҳикоя ва хатларни ҳам қоғозга туширган ушбу сермаҳсул адиб қатъий кун тартиби ва одатларга эга бўлган. Турли одамлар ва турмуш ташвишларидан ҳимояланиш учун хонасига иккинчи эшик ўрнатган. Қалам, сиёҳдон ва қоғоз столга тўкис тартибда жойлаштирилган. Янги узилган гуллар ва бронза ҳайкалчлар ҳам столдан ўрин олган.

Ёзувчи қатъий иш вақтига амал қилган. Ўғлининг эслашича, Диккенс тартибга бўйсуниш борасида ҳар қандай идора ходимидан яхшироқ бўлган. У эрталаб 7 да туриб, ювиниб-тарангач, нонушта қилган. Роппа-роса 9 да ишга киришган ва кундузги 2 гача ишлаган. Орада оила билан бирга тушлик қилиб олган. Бироқ у ҳардамхаёл овқатланган, иш ҳақидаги ўйларга кўмилиб, биров билан суҳбатлашмаган. Қисқа тушликдан сўнг яна хонасига чопган ва ишни давом эттирган. Режага кўра, ҳар куни 2000 та сўз ёзган. Агар иш униб қолса, тўхтамаган, 4000 тагача сўзни қоғозга туширган. Кайфият бўлмай, бирор сатр ҳам қоралай олмаган кунлари қатъият юзасидан иш столида ўтираверган.

Соат 14: 00 да хонасидан чиқиб, уч соатлик сайрга жўнаган. Лондон ва унинг атрофларини кезиш жараёнида янги бўлим ёки янги китоб ҳақида бош қотирган. Айланиш ёзувчига куч-қувват, бардамлик бахш этган. Соат 18: 00 да оила билан, баъзан меҳмонлар даврасида кечлик қилган. Тун яримламай, уйқуга ётган.

  1. Лев Толстой (1828–1910) иш жараёнида одамовига айланарди. Эрталаб анча кеч – тўққизларга яқин уйғонар, ювиниб, кийиниб, соқолларини тартибга келтирмагунича биров билан гаплашмасди. Қаҳва ва бир жуфт чала пишган тухум билан нонушта қилгач, тушликкача иш хонасига қамалиб оларди. Баъзида бу хонада ёзувчининг хотини Софья Андреевна ҳам жимгина ўтирар, агар “Уруш ва тинчлик”нинг бирор бобини қайта ёзиш ёки навбатдаги бобни эшитиш зарур бўлиб қолса, унинг хизматидан фойдаланиларди. Тушликдан олдин Толстой сайрга отланарди. Айланишдан яхши кайфиятда қайтса, таассуротлари билан ўртоқлашар ёки болаларни ўйнатарди. Мабодо акси бўлса, китоб ўқир, қарта ўйнар ёки меҳмонлар билан суҳбатлашарди.
  2. Гюстав Флобер (1821–1880) “Бовари хоним” асарини беш йил мобайнида ёзган. Иш жуда секин ва оғир кечган: “Бовари” олдинга силжимаяпти. Бир ҳафтада икки саҳифа қоғозга тушади, холос! Тушкунликдан бошингни тошларга ургинг келади”, деб эслаган эди ёзувчи.

Флобер тўққизда уйғонар, ҳали ўрнидан турмасидан хатлар ва газеталарни ўқир, онаси билан суҳбатлашиб ўтирарди. Сўнг ваннага тушар, нонушта ва тушликни бир қилиб овқатланар ва сайрга отланарди. Бир соат давомида жиянига тарих ва географиядан сабоқ берар, сўнг креслога мустаҳкам ўрнашиб олиб, кечки еттига қадар мутолаа қиларди. Кечликдан сўнг онаси билан гурунглашар, вақт алламаҳал бўлгачгина ёзишга ўтирар эди. “Иш – ҳаётдан узилишнинг энг яхши усули”, деб қайд қилган эди ёзувчи. Ҳақиқатан ҳам, у борлиқ оламдан узилиб, роҳатланиб ишларди.

  1. Марк Твен (1835–1910) “Том Сойернинг саргузаштлари” асарини фермада ёзган. Бу ерда унинг махсус иш хонаси бўлган. Деразаларни очиб, қоғозлар устига ғишт бостириб қўйиб ишлаган. Хонасига яқинлашиш учун ҳеч кимга рухсат бермаган. Агар ёзувчи уйдагиларга жуда зарур бўлиб қолса, карнай чалиб чақиришарди. Адиб ёзганларини оқшом пайти яқинларига ўқиб берарди.

Тинимсиз чекар, шу сабабли у кириб чиққан хонани албатта шамоллатиш зарур бўларди. Ишлаган пайтларида уйқуси тамом қочиб кетарди. Ёзувчи ҳаётдаги ҳар қандай воқеадан завқланишга одатланганди.

  1. Антон Чехов (1860–1904) ижодининг илк босқичида ҳажвий асарларини тез қоғозга туширган, холос. Кейинги йилларда жуда секинлик билан, ўйлаб, ҳар бир жумлани танлаб-саралаб ёзган. Гарчи бу тахлит ишласа-да, унинг ижодий фаолиятида бирор-бир сирлилик йўқ эди. У пардалари туширилган, эшиклари қаттиқ беркитилган тинчгина хонага муҳтож бўлмаган. Бақувват ички ижодий кучга эга бўлган Чехов бўлажак асарларининг сюжетларини қаламкаш дўстларига ҳам айтиб бераверган.

Ёзувчи Александр Лазарев (тахаллуси А. Грузинский; 1861–1927) эслашича, “Петебург газетаси” учун бир неча ҳикояларни, “Дашт” қиссасининг бир неча саҳифаларини Чехов айнан у бор пайтда қоғозга туширган.

“Бир сафар Чеховникидалигимда юпқа дафтарчага кўзим тушди, – деб эслайди А. Лазарев.

– Бу нима? – деб сўрадим.

– Қайд дафтари. Сиз ҳам шунақа дафтар тутинг. Қизиқсангиз, кўриб чиқишингиз мумкин, – деб жавоб берди Чехов.

Бу ёзувчи доим юритадиган дафтарчалардан бири эди. Ҳажми жуда кичкина, ёзув қоғозидан қўлбола тайёрланганди. Унга Чеховнинг хаёлига келиб қолган мавзулар, нодир фикрлар, ҳикматлар майда ҳарфлар билан ёзиб қўйилганди. Битта қайд малла кучукнинг акиллаши ҳақида эди: “Барча малла кучуклар тенор овозда ҳуради”. Бу гапни кўп ўтмай “Дашт”нинг сўнгги саҳифаларида учратдим”.

  1. Морис Матерлинк (1862–1949) – белгиялик ёзувчи ва драматург. 1911 йили Нобел мукофоти совриндори бўлган ушбу французтилли ёзувчи илҳом ёки ижодий кайфият бор-йўқлигидан қатъи назар ёзишга ўтирган. Ҳар куни эрталаб уч соатдан ишлаган. Ёзса-ёзмаса шу вақт оралиғида иш столида ўтиришни одат қилган. Баъзи кунлари ҳеч нарса қилмай, шунчаки тамаки чекиб ҳам ўтираверган. Шу сабабли ҳам 1927–1942 йиллар оралиғида унинг 12 жилдлик асарлар тўплами дунё юзини кўрган.
  2. Марсель Пруст (1871–1922) “Йўқотилган вақтни излаб” романини салкам ўн тўрт йил ёзган. Бу вақт давомида у бир ярим миллион сўзни қоғозга туширган. Ишга бутун диққатини жамлаш ниятида ёзувчи жамиятдан буткул узоқлашган ва ётоқхонасидан деярли чиқмаган. У асосан кечаси ишлаган, кундузлари уч ёки тўрт соат ухлаб олган. Уйқудан тургач, кўксов касалига қарши кукун чекиб олган. Нонуштага деярли ҳеч нарса емаган, сутли қаҳваю озгина ширинлик билан қаноатланган. Адиб тўшакка ўтириб, тиззасига дафтар ва бошига ёстиқ қўйиб ёзишга киришган. Ухлаб қолмаслик учун кофеин хапдориларидан ичиб турган, ухлаш вақти бўлганда эса уйқудори ичган. Ёзувчи бундай турмуш тарзини атай танлаган, у жисмоний азоблар санъатда юксак чўққиларга олиб чиқади деб ҳисоблаган.
  3. Сомерсет Моэм (1874–1965) 92 йиллик умри давомида 78 та китоб ёзди. Ёзувчининг биографи сўзларига кўра, адиб қизиқиши сабабли эмас, ёзишга ўрганиб қолганидан қалам тебратган. Моэмнинг ўзи ҳам бир ўринда ёзиш касалини ичкиликка берилишга қиёслаган эди: “Иккаласига ҳам осон чалиниш мумкин, лекин қутулиш оғир”. Адиб ҳар куни бир ярим мингта сўзни қоғозга туширарди. “Ёзаётганингда, қаҳрамон яратаётганингда у ҳамиша сен билан бўлади, сен у билан машғулсан, у нафас олади, яшайди”, деган гапларни айтганди ёзувчи ижод жараёни ҳақида. Ёзишга ўрганиб қолган бу адиб ишдан тўхтаган пайтлари ўзини жуда ёлғиз ҳис этарди.
  4. Гертруда Стайн (1874–1946) бир кунда бор-йўғи бир ярим соат ишлаган, холос. Бироқ тўхталишларсиз, ҳар куни ишлаган. Таниқли адиб ва адабиётшунос бўлган бу аёлнинг ғалати ижод услуби бор эди. Дугонаси билан адирга бориб жойлашар, шериги унинг кўзи тушадиган ерга сигир ҳайдаб келарди. Манзара ва сигирдан завқ олган Стайн ўй-фикрларини қоғозга тўка бошларди. Агар бирор сигир унга илҳом бера олмаса, бошқа жой ва бошқа сигир қидириларди.
  5. Жеймс Жойс (1882–1941) ўзи ҳақида: “Одамнинг яхши фазилатлари кам, у ичкилик ва ҳафсаласизликка мойил бўлади”, деб ёзганди. Ёзувчи ҳеч қандай тартиб-қоидага амал қилмаган. У тўққизгача ухлашга одатланган эди. Инглиз тилидан дарс бериш ва пианино чалишдан пул топар, тинимсиз қарз олар, пулини сўраган кредиторларни сиёсат билан қўрқитиб кун кўрарди. “Улисс”ни ёзиш учун унга етти йил керак бўлди. Бу даврда у саккиз касалликни бошдан кечирди, Швейцария, Италия ва Францияга ўн саккиз марта сафар қилди. Танаффуслар билан ўтган ижод жараёнида у йигирма минг соатини ишлашга сарфлади.
  6. Агата Кристи (1890–1976) гарчи ўнлаб китоблари нашр этилган бўлса-да, сўровномаларда “касб-корингиз” деган жойга “уй бекаси” деб қайд этган. Аслида ҳам унинг асосий иши уй-рўзғор юмушлари бўлган. Унинг алоҳида иш хонаси, ёзув столи бўлмаган. Ётоқхонадаги ёки ошхонадаги столдан фойдаланган. Кўпинча юмушлар оралиғида, қўли бўшаганда ижод қилган. “Ёзишни бошлаш кўпинча ўнғайсиз бўларди. Лекин бир иложини қилиб бошласам, биров халал бермаслиги учун эшикни ёпиб олсам, дунёни унутиб, ижодга шўнғирдим”, деб хотирлаган эди ёзувчи эсдаликларида.
  7. Генри Миллер (1891–1980) 1932 йили “Қисқичбақа тропиги” романини ёзиш чоғида шундай кун тартиби ишлаб чиққан:

Тонг:

“Агар кайфият бўлмаса, қайдлар ёз, уларни тартибга сол. Бошқа ҳар қандай вазиятда ишга кириш”

Кун:

“Китобнинг бирор-бир боби устида ишла. Чалғимайма. Битта бобни тугатмай, бошқа бобга ўтма”.

Оқшом:

“Дўстлар билан учраш, мутолаа қил. Шаҳарнинг нотаниш жойларига бор. Агар ҳаво яхши бўлса, велосипедда. Ёғингарчилик бўлса, яёв. Кайфият кўтарса, ёз. Чарчоқ ёки онгингда бўшлик сезсанг, у-бу нарса чиз”.

Эслатма:

“Кундузи музейларга бориш, хомаки иш режалар тузиш, велосипедда сайр қилишга озгина вақт қолдир. Хомаки режаларни кафеда, поездда, кўчада – ҳамма жойда тузавер. Фильмларни камроқ кўр! Ҳафтада бир марта кутубхонага бор”.

Ушбу тартибга риоя қилган Генри Миллер юзга яқин асар ёзди.

  1. Фрэнсис Скотт Фицжеральд (1896–1940) илк романи – “Нариги томонда” асарини тайёрлов лагерида қоғозга туширган. Хизматдан бўш вақтларида турли қийқим қоғозларга ёзган. Бироқ ичкилик унинг ижодий фаолиятига жиддий халал берган. “Ичкилик сабабли таҳрирда нозик идрок ва мулоҳаза йўқолади”, деб ёзғирганди у ноширига ёзган хатларидан бирида.
  2. Эрнест Ҳемингуэй (1899–1961) бутун умр эрта туриш одатини тарк этмади. Ҳатто ўлгудек маишат қилган бўлса ҳам, эрталабки олтидан кеч турмаган. Кўп ухлолмаган бўлса-да, ўзини тетик ва бардам ҳис этган. Кўпинча токча олдида тик туриб тушгача ишлаган. Токчада ёзув машинкаси турар, унинг ёнидаги махсус тахтачада қоғозлар тахлаб, “ғарам” қилиб қўйилган бўларди. У қаламда ёзарди. Барча қоғозларни тўлдиргач, машинкада оқламага кўчирарди.

Адиб ҳар куни ёзган сўзларини ҳисоблар, алоҳида жадвалга қайд этиб борарди. “Ўй-фикрини қоғозга тўкиб олган ёзувчи севгани билан яқинлик қилган кишига ўхшаб бўшаш ҳиссини, шу билан бирга қониқиш-кўнгли тўлиш ҳиссини туяди”, деган эди Хемингуэй суҳбатларидан бирида.

  1. Жорж Оруэлл (1903–1950) эрталаб баракали ишлаган. Ижодининг илк даврларида қаламҳақи тирикчилигига етмайди, шу сабабли ишлашга мажбур бўлади. Дастлаб ўқитувчилик қилади. Бироқ бу касб ундан кўп вақт ва куч талаб қилар, адабий муҳитга кириш илинжини тобора йўққа чиқарарди. Унга холаси ажойиб бир иш топиб беради – ёш ёзувчи эски китоблар дўконида сотувчилик қила бошлайди. У эрталаб бир соат – 8: 45 дан 9: 45 гача дўконда бўларди. 10 да уйига қайтиб келар, ижод билан шуғулланарди. Соат 14: 00 да иккинчи галга ишга борар, 18: 30 гача ишларди. Хуллас, иш унадиган вақтнинг асосий қисми ижодга, қолган вақт китобсеварларга ажратиларди.
  2. Жан-Поль Сартр (1905–1980) эса тонгда уч соат ва кечаси уч соат ишлаган. Қолган пайтлари турли ташвишлар билан овора бўлар, ичкилик ва чекимликлар ҳам унинг доимий кун тартибига киритилганди. Ёзувчининг биографи маълумотларига кўра, Сартрнинг кундалик менюсига икки қути сигарет, бир нечта қора табака трубкаси, бир литрдан ошиқроқ ичимлик, 200 миллиграмм тинчлантирувчи хапдори, чой, қаҳва ва ёғли овқатлар кирган. Ҳордиқсиз ишлаш ва носоғлом турмуш тарзи унинг соғлигига жиддий таъсир кўрсатди.
  3. Жорж Сименон (1903–1989) йигирманчи асрнинг энг сермаҳсул ёзувчиларидан бири ҳисобланади. У 425 та китоб ёзди! Уларнинг 200 таси кўча романи, яъни савияси баланд бўлмаган асарлардан эди. Шу боис у бу китобларни тахаллус билан эълон қилди. Қолган 220 тасини ўз номидан чоп эттирди. Адиб кун тартибига риоя қилмаган. Одатда икки-уч ҳафталик тўхталишлар билан эрталаб олтидан тўққизгача ишлар, бир ўтиришда саксон саҳифани тўлдирарди. Сўнг сайр қилар, қаҳва ичар, ухлар, телевизор кўрарди. Битта романни ёзиб тугатмагунича кийимини алмаштирмас, асаб тинчлантирувчи хапдорилардан фойдаланар, ёзганларини ҳеч қачон таҳрир қилмас ва ижодий ишинининг ҳажмини ишдан олдин ва ишдан кейин тарозида ўлчаб ҳисоблар эди.
  4. Айзек Азимов (1920–1992) ҳар куни соат олтида турган, етти яримда ёзишга ўтириб, кечгача тинмай ишлаган. Кўпинча бутун ҳафта давомида шу тартибда, дам олиш кунисиз тер тўккан. Шу сабабли баъзида бутун бошли китобни бир неча кун ичида ёзиб тугатган. Ёзувчи бундай кун тартибига ёшлигидаёқ одатланган. Унинг отаси Бруклиндаги ширинлик дўконлари тармоғига эгалик қилар, дўконлар ҳафтада етти кун эрталабки олтидан кечқурунги биргача ишларди. Айзек олти ёшидан йигирма икки ёшигача отасининг ширинлик дўконида ишлади. У дўконни ҳар куни олтида очар, кейин буюртмаларни тарқатгани чиқиб кетарди. Ўқишдан сўнг дўконга чопар, мабодо кеч қолса, “Танбал!” деган дакки эшитарди. Мактабни тугатганидан кейин ҳам отасига ёрдам беришда давом этди. У дўконни ҳар куни тунги бирда ёпар, ҳеч қандай дам олиш куни йўқ эди. Илмий-фантастик асарлар устаси эллик йилдан сўнг шундай сўзларни ёзди: “Хўрозсоатим бор, лекин уни қичқиришга мослаб қўймайман. Шунга қарамай ҳар куни роппа-роса олтида тураман. Бу билан эса фахрланаман. Танбал эмаслигимни шу пайтгача отамга исботлаб келяпман”.

Отаси ўрнатган дўкон тартиби ёзувчининг кейинги ҳаётида ҳам сақланиб қолди. У дам олиш ва байрам кунлари, ҳатто касалхонада даволанган пайтларида ҳам ёзишдан тўхтамаган.

  1. Рэй Брэдбери (1920–2012) илмий фантастика жанрининг классиги саналади. У интервьюларидан бирида иш жараёни ҳақида шундай фикрларни айтади: “Уйқудан турган заҳотим ёзув машинкасига чопаман. Чунки ҳаётимнинг энг катта завқ-иштиёқи – шу. Столга ўтираману ёзишга тушаман, нонуштагача тинмайман. Баъзи воқеалар қоғозга тушишни истайди, мени ўзига боғлаб олади. Мана шу хоҳиш бор экан, ёзишдан тўхтамайман, чунки менда иш режаси деган нарса йўқ.

Истаган жойда – ётоқда ҳам, меҳмонхонада ҳам ишлайвераман. Лос Анжелесда ота-онам билан кичкина уйда турганимизда ошхонада ёзардим. Радионинг бор овозда бақираётгани, ота-онам ва укамнинг тинмай суҳбатлашаётгани ҳам менга халал бермасди.

Кейинроқ, “Фаренгейт бўйича 451 даража”ни ёзганимда кутубхонага бориб, ижарага ёзув машинкаси олганман. Ўн цент эвазига бир ярим соат бемалол ишлаш имконини қўлга киритардим”.

Рэй Брэдбери вақтини беҳуда сарфламагани аниқ. Шу сабабли ҳам у замонамизнинг энг сермаҳсул ёзувчиларидан бирига айланди.

  1. Габриэль Гарсиа Маркес (1927–2014) ички эркинлик билан яшовчи, кўнгил истагига қараб ҳаракатланувчи адиб эди. Ажойиб кунларнинг бирида ёзувчи оиласи билан Мексиканинг Герреро штатидаги Акапулько шаҳрига таътилга боради. Герреродаги тоғларни кўриб ҳайқириб юборади: “Мен ўзим истаган оҳангни, йўсинни топдим! Бувим айтиб берган ғаройиб, ақл бовар қилмас эртаклар сингари зўр воқеаларни қоғозга тушираман”. У шундай деб “Opel”ини ортга буради ва Мехикога қайтиб “Ёлғизликнинг юз йили”ни ёзишга киришади. Кейинчалик Американинг “Esquire” журналига берган интервьюсида Маркес машинаси ва бошқа моддий бойликларини гаровга қўйишга мажбур бўлганини айтади. Чунки озиқ-овқат ва рўзғордаги эҳтиёжларга пул керак эди. У барча пулни хотини Мерседесга беради ва эвазига тинчлик-хотиржамлик сўрайди.

Ёзувчи роман устида эртадан кечгача ишлайди. Ўн саккиз ой давом этган қаттиқ меҳнатдан сўнг “Ёлғизликнинг юз йили” тайёр бўлади. Бироқ уни Аргентинадаги нашриётга жўнатиш учун Маркесда майда пул ҳам қолмаган эди. Бўлғуси Нобел мукофоти лауреати хотинининг шахсий буюмларини гаровга қўяди ва асарни ноширга жўнатади. Роман яхши қабул қилинади ва мисли кўрилмаган шуҳрат қозонади. Бу воқеа лотинча “аudentes fortuna juvat” – журъатлиларни тақдир ҳам қўллайди деган мақолни эслатади. Буюк ёзувчида журъатдан ташқари қатъий ишонч ва ирода ҳам бор эди.

  1. Харуки Мураками (1949 йили туғилган) эрталаб соат тўртда туради ва олти соат тинимсиз ишлайди. Ишдан сўнг югуради, сузишга боради, ўқийди, мусиқа эшитади. Кечқурун тўққизда уйқуга ётади. Мураками такрорланувчи кун тартиби ижодий кайфиятга осон кириш имконини беради деб ҳисоблайди. Қачонлардир у тинимсиз ўтириб ишлар, шу сабабли семириб, ҳар куни уч қути сигарет чекишга ўрганиб қолганди. Бу ҳолдан зериккан ёзувчи қишлоққа кўчиб келди, балиқ ва мева еб кун кечира бошлади. Чекишни ташлади ва мана йигирма беш йилдан кўпроқ вақтдан буён югуриш билан шуғулланади. Ягона етишмовчилик – мулоқот. Кун тартибига қатъий амал қилиш учун у ҳар қандай таклифга рад жавобини беради, шу сабабли дўстлари ундан доим ранжийди. “Ўқувчига кун тартибим қандайлигининг сариқ чақалик аҳамияти йўқ. Унга кейинги китобим олдингисидан қизиқарлироқ бўлгани муҳим”, дейди ёзувчи.
  2. Жонатан Франзен (1959 йили туғилган) ижодий ишдаги чидами билан ҳам тарихда қолишга арзийди. Унга дунё миқёсида шуҳрат келтирган “Тузатиш” романининг яратилиши ҳақидаги маълумотлар бу фикрни тасдиқлайди. Заҳматкаш адиб 1990-йилларнинг охирида бўлажак китобининг сюжетини шакллантириш, мавзуси ва моҳиятини аниқлаш мақсадида деворлари товуш ўтказмайдиган бир уйга қамалади. Пардаларни тушириб, қулоғига пахта тиқади, кўзига бойлоғич тақиб, қўлига ноутбук олади – сукунат ва қоронғулик қўйнида илҳом келишини кутади. Бу хилдаги дунёдан узилиш асабий зўриқиш ва уйқусизликка олиб келади, катта завқт ва ҳаяжон чуқур умидсизликка айланади. Бироқ ижодкор барибир ниятига етади. “Тузатиш” изтироблар ичида туғилади, шу сабабли ҳам романда азоб-уқубат ранглари кўпроқ.

Роман босилиб чиққач, бестселлерга айланди. Франзен шу асар учун “National Book Award” (“Миллий китоб мукофоти”) совриндори бўлди.

Албатта, ҳар бир инсон алоҳида дунё. Биров жондан яхши кўрган нарсани сиз ёқтирмаслигингиз мумкин. Бироқ кўпчиликка хос умумий хусусиятлар ҳам бўлади. Юқорида ҳаёт тарзи билан танишган ёзувчиларимизни бирлаштирувчи битта жиҳатга эътибор берган бўлсангиз керак: уларнинг аксарияти ёзишга жиддий эътибор берган. Деярли ҳар куни ёзган. Сиз шундай қила оласизми? Бир устозим Лев Толстойнинг ажойиб одатини бот-бот айтиб турарди. Буюк ёзувчи агар бирор кун ёзолмаса, ҳеч қурса “Бугун мен ҳеч нарса ёза олмадим”, деб қоғоз қоралаб қўяркан. Футбол шарҳларида “У ҳозир спорт формасида”, “У спорт формасини ҳали яхши тиклаб ололгани йўқ” сингари ибораларни эшитиб қоламиз. Бирор жароҳат олган ёки шуғулланишни сусайтирган спортчи ўз формасини йўқотиб қўяди, яъни олдингидай яхши ўйнолмайди. Ҳар куни турникда йигирматадан тортиладиган йигит бир ҳафта касал бўлиб ёки ишга чалғиб тортилмаса, кейин қийналади, ўзини ўнглаб олиши қийин кечади. Ёзувчилик ҳам худди шундай: мунтазам шуғулланишни, ўқиб-ўрганиб, онг-тасаввур “мушак”ларини чиниқтириб боришни талаб этади. Шу билан бирга соғлом турмуш тарзига амал қилиш, соддароқ айтадиган бўлсак, спорт билан шуғулланиш, ҳаётдан узилмаслик, жисмоний меҳнат билан ҳам шуғулланиб туриш, очиқ ҳаводаги сайрларга чиқиш ишлаш кайфиятини уйғотадиган, одамдаги асабий зўриқишларни камайтирадиган муҳим жиҳатлардир. Ана шу нарсалар кундалик турмушингизга кирса, ишингизга унум қўшилиши аниқ.

 

Ориф Толиб

 

“Китоб дунёси” газетасининг 2015 йил 16 – 21-сонларида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.