“Галустукка мос тушди…”

0
160
марта кўрилган.

Тўра аканинг ўзига хос эркаликлари бор эдики, фақат унинг ўзига ярашарди. Аканинг қалтис пайтда қилган илтимосларига ҳатто оғамиз Саъдулла Сиёев ҳам ғиринг деёлмасди. Бу албатта Саъдулла аканинг Тўра Сулаймонни ўта сийлаганидан бўлса керак. 1980 йилнинг май ойида Саъдулла Сиёевнинг 50 йиллик юбилейи ҳар жиҳатдан уюшган ҳолда ўтди. Адиб оғамизга тортиқ қилинган совғаларнинг орасида энг ноёби оппоқ чармдан тайёрланган сумка эди. Тўра ака иккиланиб ўтирмай:

– Саъдулла, мен шундай гўзал сумкаларга ярашиқли ижодкорман. Рози бўл, – дея менга юзланиб, – Турсунжон, бугун сеникида қўноқ бўлмоқчиман, қани кетдик, – деди.

Ўша пайтларда Юнусободда ижарали уйда яшардик. Уйга келсак талаба ўғлим Муроджон дарс тайёрлаб ўтирган экан. Тўра ака ўғлимни ёшлигидан танигани учун тезда тиллашиб кетди. Талабанинг дазмолланган, аммо анча уриниб қолган кўйлакларидан олиб ўзига ўлчаб, кийиб кўрди ва галустугини яхшилаб боғлади.

– Талабадан СирФА Академигига муносиб шу кўйлак экан, рози бўл! Ёқаси яхши, галустукка мос тушди, – деди. Ўғлим хижолат, мен зимдан унга ишора қилдим.

Тўра ака ўрнидан туриб қизил сумкасини очиб, ялтироқ қоғозга ўралган оппоқ кўйлакни Муроджонга қўш қўллаб тутди.

 

Турсунбой Адашбоев

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.