Дастхатини юракдан битган шоир

0
136
марта кўрилган.

Ўзбек шеъриятининг забардаст вакили Муҳаммад Раҳмондан “Мувозанат”, “Яшил дарё”, “Ижобат”, “Юрагимнинг дастхати” “Асраганим, авайлаганим” каби шеърий тўпламлар қолди.

Ўтган асрнинг 70-йилларида шеърхонлар эътиборини қозонган Муҳаммад Раҳмоннинг 1979 йили нашр этилган “Яшил дарё” китоби тезда тилга тушди. Ушбу тўпламдаги шеърлар самимий тилда, туйғуларнинг тиниқ ифодаланганлиги билан ажралиб турарди. Дарҳақиқат, шоир шеърларида ўзликдан узилмаслик, тарихдан ибрат олиш, келажакка умид кўзи билан қараш бўй кўрсатиб туради. У бир шеърида шундай дейди:

 

Беклардек яшамоқ аъмоли бекнинг,

Магарким ҳолинг йўқ, қад ростла, ҳоллан.

Шарти жуда оддий ўзбекчиликнинг:

Амир Темур, Алишер Навоий билан қуроллан!

 

Шоирнинг шеърларини ўқисангиз, у кўнгил ва хаёл кечинмаларини айни шу ҳайрат тили билан сўзлайди, ҳайрат тили билан ифода қилади. Шу сабаблими, шоир шеърлари самимий, дилтортар, табиий.

 


 

… Биз ўзи тўртовлон эдик, яна бир шеригимиз Муҳаммад Раҳмон. Орамизда эслимиз ҳам шоир бўлиб, матбуотда эрта танилганимиз ҳам шу йигит эди. Асли китоблик, Сурхондарёда катта бўлган. Эсимда, иккаламиз бир-биримизни шоиронасига “азиз дўстим” деб атардик. Худо раҳмат қилсин, кўп дилсўз ўртоқ, ажаб ҳассос шоир эди – сайланма китобидан бирон шеър у ёқда турсин, бир сатрини ҳам олиб қўёлмайсиз!

Эркин Аъзам

 

Муҳаммад Раҳмон шахс сифатида камтарин, хокисор, лекин шоир сифатида адабиётда ўз муносиб ўрни, ўз сози, ўз овозига эга бўлган забардаст шоир эди. Унинг ҳар бир шеъридан тафаккур шуълаларидан бир намуна топиш мумкин. Болалар учун ёзган шеър ва достонларида ҳам катталарнинг ақл виждонига хитоб қиладиган ишоралар бор.

Мирза Кенжабек

 

Ҳалоллик – ғирромликнинг зидди, инсонни ҳаётлигида ҳам ва, айниқса, дунёдан ўтганидан кейин юксак инсоний мартабада хотирлашга боис бўлгучи фазилат. Инчунун, ижоддаги ҳалоллик ижодкор умрини авлодлар силсиласида мудом пойдор этгувчи сифат – хусусият. Камина назарда тутаётган уч шоир – “уч аламкаш”, “уч қаландар”, “уч биродар”, “уч навойи”, “уч вафойи” – Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳаким, назаран, худди шундай ижодкорлар эди.

Шуҳрат Ризаев

 

Муҳаммад Раҳмоннинг шеърияти ўқувчини шундай хулосаларга келтирадики, бунинг натижасида унда адабиётнинг вазифаси одамда эзгуликни эмас, балки ноэзгу амалларга ноқобилликни тарбияламоқдир, деган фикр пайдо бўлади. Бундай тарбия эса ўз-ўзидан амалиётда эзгуликни келтириб чиқаради, чунки инсон ўз аъмолларида ниманидир бажара олмай яшашга лаёқатли эмас.

Матназар АБДУЛҲАКИМ

 

Муҳаммад Раҳмон бу дунёга фавқулодда келиб кетган чуқур қайғу, нозик ҳайрат шоири эди. Унинг оламида болаликнинг йиғиси, умр сўқмоқларининг гулдуроси акс этиб турарди. Ёшлигимнинг олтин дамларида Унинг “Якшанбалар болаларнинг кунидир”, “Соқов монологи” шеърларини қайта-қайта ўқиб такрорлаб юрардим. Бу менга ички кайфият, англанмас ҳисларнинг жўшқинлигини бахш этган, десам, айни ҳақиқат. Устоз ижодини ўқиб, кўзни юмиб вужуд хоналарида англаб олиш, уни тушуниш, албатта, кўнгилни кайҳоний тарбиялашга хизмат қилади.

Абдували ҚУТБИДДИН

 

Покиза поэтик юксакликда шоирлар иккига: бевосита ва бавосита шоирларга ажраладилар. Муҳаммаджон Раҳмонов – бевосита шоир. Бу дегани, унинг юраги шоир демак. Унинг кўпгина ва ҳал қилувчи шеърлари бевосита шеърлар бўлиб, улар шеъриятнинг она тилида ёзилган.

Баҳодир Содиқов

 

Муҳаммад Раҳмоннинг салобатли, чин маънодаги ўзбекона овози бор эди. У ҳам мен каби тоғ қишлоғида туғилгани боисмикан яқин қадрдон эдик. Менга унинг табиий феъли ёқар эди. Унинг “Асраганим, авойлаганим” шеърий китоби поэтик қиёфасини белгилаган илк китоби бўлганди. Афсуски, ҳали Муҳаммад Раҳмон шеърияти илм аҳли томонидан тадқиқ қилинмади, муносиб баҳоси белгиланмади.

Азим СУЮН

 

Муҳаммад Раҳмоннинг шеъриятида сеҳрнинг чўғи, самимиятнинг меҳри, туйғунинг сўзи, канглунинг идроки доимо бирдай эди.

Икром Отамурод

 

 

Fиёсиддин Ўнаров

тайёрлади.

 

 “Ёшлик”, 2018/1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.