Чехов сиймоси

0
871
марта кўрилган.

Бу йил улуғ рус ёзувчиси А. П. Чеховнинг таваллудига 158 йил, вафот этганига эса 114 йил тўлади. Бу муддат ичида Чеховнинг таъсири ҳали ҳануз ўз кучини йўқотмаганлиги унинг адабиётда туб бурилиш ясаганини англатади.

Ўтган асрнинг тўртинчи йилидан сўнг рус дунёси алғов-далғов бўлиб кетди. Инқилоблар, фуқаролик ва жаҳон урушлари эндигина йўлга солинган инсоният турмушини яна издан чиқариб қўйганди. Чехов агарда яна ўн беш ёки йигирма йил яшаганида бу воқеаларни шахсан кўриб, ўзгача руҳда ижод қилган бўлармиди, деган фикрлар туғилади. Аммо адабиётда ҳам ҳаётдаги сингари адибга юклатилган илоҳий вазифа бўлар экан…

 

Қора даврдаги ёрқин юлдуз

1860 йилнинг январида ўзи кўп тасвирлаган оддий рус қишлоқларининг бирида Антоша Чехов дунёга келганида рус адабиётидаги “Олтин давр” ҳукмронлигининг биринчи босқичи тугаб, аста-секин кейинги авлод майдонга чиқмоқда эди. Рус адабиёти аллақачон Пушкин, Лермонтов ва Белинскийларсиз қолган, буюк Гоголь ҳам 8 йил олдин бу дунёни тарк этган пайтлар эди ўшанда.

Антон Павлович адабиётга ўтмишнинг “энг қора даврлари”дан бирида кириб келди. 1880 йилда унинг биринчи ҳикояси чоп этилганида, ҳали Достоевский ва Тургенев ҳаёт эди. Ва рус адабиёти ҳамон ўз қанотларига таяниб парвоз қилаётган, оддий халқидан тортиб амалдор-у ҳукмдоригача эса қолоқлик ботқоғига ботиб, “капитализмнинг даҳшатли чангали”да азоб чекиб аранг яшаётган эдилар. Балки Чехов ўшандаёқ ич-ичидан шуни ҳис қилган, халқи учун нималардир қилиши лозимлигини англагандир. У ўз ёзганларидан қониқмаган. Ўзининг айтишича: “Адабиёт менинг маъшуқам, табобат эса рафиқамдир”. Шифокор адиб Чехов, одамзод ўртача умрининг атиги учдан бирини яшаб, Мопассан, Кафкалардек 44 ёшгача дунёдан кўз юмди. Ўзи орзу қилган инқилобни кўра олмади. Аммо отаси тенги Лев Николаевич билан умрининг охирларигача ҳамдард, ҳамнафас бўлиб яшади. Барчаси “қадимий ва маъюс рус халқи” учун.

Замондошлари ва адабиётшунос олимлар Чеховнинг феъл – атвори ҳақида жуда илиқ сўзлар айтишади. “Чехов: ҳазилкаш, одамшинаванда, самимий, сал тортинчоқ, лекин ҳақиқат учун жонини аямайдиган ижодкор, ҳалол ва меҳрибон шахс. У аёлларни севади. Бироқ уларга она, опа-сингил, қизалоқ, меҳрибон рус аёллари сифатида қарайди”.

Агар Сахалинга бормаганида Чеховнинг ўлими содир бўлмасмиди, деган савол туғилади. Тақдири илоҳийга қарши бориб бўлмаслиги шундан ҳам аёнки, Чехов 10 ёшидан бошлаб ўпка сили билан оғриб келади. 1884 йилда касаллик кучайиб, унинг машҳурлиги ва ёрқин ижоди билан ёнма-ён юра бошлайдики, 1890 йилда унинг ўзи атайлаб Сахалинга кетади-ю, ўз умрини янада қисқартиради, касалликка эса куч беради гўё. Ҳолбуки, Чеховнинг асл касби шифокорлик эди…

 

Чеховшунослик

Адибнинг ижоди дунё қаламкашларига шунақа катта таъсир кўрсатганки, ҳозиргача “Чеховшунослик”, “Чехов ҳикоялари мактаблари”, “Чехов драматургияси” сингари маҳорат йўналишлари мавжуд. Ёзувчининг 50 га яқин тахаллуси бўлгани эътиборга молик. Бу ҳам андишанинг мевалари. Чехов ижодида юмор билан бирга дард ҳам катта кучга эга. Образлари орасида бирорта мукаммал одамни топиш мушкул. Уларни касаллик, саводсизлик, телбалик, турли иллатлар, мансабпарастлик, бойлик, мастлик кемириб туради. Балки шунинг учун ҳам Чехов идеал одамни орзу қилиб: “Кишида ҳамма нарса гўзал бўлиши зарур – юзи, сўзи, кийими, қалби, ҳатто фикри ҳам”, деб ёзгандир.

 

Чехов драматургияси

Чехов драматургияси алоҳида мавзу, лекин ҳозир ҳам театрларда Чехов ҳафталиклари фестиваллари ўтказилиб туриши эътиборга молик. Инглиз адиби Жон Голсуорси: “Чеховнинг пьесалари ҳам инглиз саҳналарида ҳеч қачон бизни тўла қаноатлантирган эмас, бунинг сабаби қисман шунда бўлса керакки, улар, афтидан, дунёда энг яхши бўлган рус актёрлари учун ёзилган… Инглиз актёрлари Чехов пьесаларининг муҳитини ифодалашга қодир эмаслар”, деб фикр билдирган эди. Бу гапнинг тагида ҳақиқий рус табиатига ва қалбига доир бўлган шахсга нисбатан чуқур ҳурмат ётганини сезиш мумкин.

Ишонасизми, Антон Павлович Чехов ҳам шеър ёзган. Соф наср устаси ҳам поэзияга қўл урган. Аммо ўзининг иқрорига кўра умрида биттагина шеър битган холос…

 

Чехов услуби

Чехов 24 йил ичида 30 жилдга яқин асар ёзди. Лекин бирорта роман ёзмади. Ўша минглаб катта-кичик асарларидаги бош мавзу гуманизм бўлди. Тасвирлар Қадимги Русиянинг айбномасидек кўринса-да, уларда рус одамларига ачиниш туйғуси кучлидир.

Антон Чехов кўп сўзни ортиқча биларди, “Қисқалик – талантнинг синглисидир” деб ўзига услуб танлаганди. Шуниси қизиқки, қисқаликни танлаб, ўз умрини ҳам қисқартиргандек…

 

Буюк гуманист

Чеховнинг ҳаёти мантиқ сўзига мос келади. У адабиётга кириб келганида чуқур фикрлаб кўп ва енгил ёзарди, сўнг ҳаётнинг нормасини излаб, дунёқарашидаги бош ғоясини жиддийлаштира борди. Натижада асарларининг мағзи қаттиқлашди. Сони камайди, ҳажми эса ортди. Ҳатто жамият ва руҳиятнинг туб нормативини топиш учун драматургияга ҳам мурожаат этди. Атрофига улуғ инсонларни тўплади. Толстой, Короленко, Горький, Бунинлар Чеховни жуда яхши кўришгани бежиз эмас. У барчага намуна бўлди! Ёзувчилик фақат шон-шуҳрат ва унвонлардан иборатмаслигини оммага билдирди. Яъни император Николай II Максим Горькийни Академиядан четлатгани учун, янги берилаётган Академиклик унвонини ҳам кескин рад этди…

Чехов ўлганида Толстой ва Горкийлар изтироб чеккан бўлса, унда уни севган аёллар-у бутун рус халқи қандай аҳволга тушган экан, деб ўйлаш ҳам қийин. Балки Чеховнинг китобларини ўқиб овунишгандир. Унинг руҳи китобларида яшамоқда-ку. Ўзи айтганидек, китобларини ўлимидан сўнг 7 йил ўқишгани йўқ. “Ҳар ким ўз ота-боболаридан кўпни кўришга ва билишга интилиши лозим” деб айтиб кетганида ўзига ишора қилмаганмиди?

Чехов қалбларда шундай муҳр қолдириб кетганки, ҳикоялари ўқилганида образлари ва диалоглари аниқ эсда қолмайди. Аммо дарров юракка чиппа ёпишиб, дардларимизни қўзғайди. Кулдириб азоблайди. Қаттиқ таъсир кўрсата олади.

Максим Горкий Чеховнинг вафотидан сўнг шундай ёзган эди: “Нотавон кишиларнинг ғўр ва зерикарли оломони қошидан ҳаммага эътиборли, чўнг бир доно одам ўтиб кетди, у ўз ватанининг мана шу зерикарли қавмига қараб маъюс табассум, юзи ва қалбида умидсиз ҳасрат билан, юмшоқ, лекин астойдил таънали оҳангда, самимий барно товуш ила: “Ёмон яшаяпсиз, жаноблар!” деб кетди.

 

Темур ТАНГРИБЕРГАНОВ

 

“Ижод олами”, 2018/1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.