Нодир Жонузоқ. “Устоз” (Узтоз ва мураббийлар байрамида ўқилган шеър)

1
12315
марта кўрилган.

 

Кўчириб олиш (Tas-IX)

 


Мундоқ ўйлаб қарасам,

Сизга битмабман ҳеч шеър.

Қалам ҳаққига қасам,

Сизсиз забун эди Ер.

 

Не бўлгай ҳоли, маълум,

Хатсиз йўли хатодир.

Дунёда илк муаллим,

Шаксиз, Одам Атодир.

 

Дунё – зулмат, қоронғу,

Чимматга чўмган чоғда.

Порлаб юлдуз қароғи –

Гўё чўғдай ўчоғда…

 

Оламга маёқ бўлиб,

Ловуллаб порлагансиз.

Кўз, қўлу оёқ бўлиб,

Нур сари чорлагансиз.

 

Сиз – Беруний,

Сиз – Сино,

Сиз – Фаробий, Улуғбек.

Оқ қоғоздек пок сиймо,

Сеҳрингизга йўқдир чек.

 

Чеклаб Ҳаққа ёт ишни,

Оламга солмиш сурон –

Пойингизда ётишни

Бахт билмиш Соҳибқирон!

 

Ҳали-ҳануз бу – ибрат,

Абадий тузук каби.

Бахш этар ғурур, ҳикмат –

Темурбеклар мактаби.

 

Мен ҳам – бир илми толиб,

Ҳали чала дарсим кўп.

Қандай кетайин тониб,

Олдингизда қарзим кўп.

 

Гарчи “Қўйгил, бу не гап,

Эгма бошинг ҳеч…” дейсиз.

Хом, ғўр шеърларим тинглаб,

Балли, баҳонг “беш”, дейсиз.

 

Енгингизга юққан оқ –

Бўрмас, кўнглингиз юқи.

Зиммангизда улкан тоғ –

Ёруғ келажак юки.

 

Мен ҳам сиз-ла ёнма-ён

Шу юкни кўтарсайдим.

Олдда – буюк имтиҳон,

О, ундан ўтолсайдим!

 

Балки шунда салгина

Бўлгайми юзим ёруғ.

Ўзимдан қилмай гина,

Олсам мақтовли ёрлиғ…

 

Сиз-чи, кутмайсиз олқиш,

Сизга илинж, тамаъ ёт.

Ўқиб-ёзиб толиқиш –

Сизга кундалик ҳаёт.

 

Даста-даста дафтарга

Сочасиз кўз нурини.

Синф-синф сафларга

Улашиб бор умрини…

 

Толманг!

Фидойи Устоз,

Сизга тиргак шу Ватан.

Қанча таъзим қилсак – оз,

Қанча алқасак-да кам.

 

Дунё – кенг сабоқхона,

Дунё – ранг-баранг мактаб.

Қутларкан, шу баҳона

Юртимни қўяй мақтаб.

 

Тасдиқлайди тўрт томон,

Дарси оламга ёддир:

Донишманд Ўзбекистон –

Маърифатда Устоддир!

 

Нодир Жонузоқ

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.